Мени хайратлантирган воқеа. Ўқинг ва уқинг!

- in Yangiliklar
184
0

Тавсияга кўра “Лев” фильмини томоша қилишни бошларканман, яна “Миллионер из трущоб” фильмини клони ва яна ўша актер дея  очиғи сал энса қотишни бошлаганди. Аммо реал воқеаларга асослангани сабаб қани уёғи нима бўларкин деган бирламчи қизиқиш билан табиийки томоша қилишда давомладим. 

Фильм мохиятига тўлиқ тўхталмайман, кўриб бўлгандирсиз.

 

Қаранг минг тарбия қилма, ўстирма барибир ўз қонига тортаверар экан. Орадан йигирма йил чамаси ўтиб хам, неча минг километрлаб бўлса хам юриб ўз оиласига интилади…

Ўша қашшоқ махалласи, цивилизация деярли қорасини кўрсатмаган жойларни қўмсайди. Вахоланки у бой оилада катта бўлди, яхши таълим олди ва хаттоки овқатни хиндларга хос бўлган тарзда қўлда хам ея олмай вилкадан фойдаланарди. Шунча қулайлик, шунча имконият ва бекаму кўст хаёт ўша фақир бўлса хам аммо кучли мухаббатидан устун бўла олмади.

 

Фильмни томоша қила туриб турли фикрлар  билан турли таққослашларни қиласиз албатта ва шу тобда Тошкентда юрган кўпгина вилоятликларни кўриб ачинаман… Хаммаси хам эмас албатта, аммо ўзим шохиди бўлган воқеаларни эслайманда. Тошкентга ўқишга деб интилишадию аммо бора-бора бу ердаги имкониятлар кўзини кўр қилиб қишлоқдаги ота-онасини унутади. Дўстлари ва хаттоки суйган қизидан уялади қаердан келганигача айтгани.

Тошкентликларам қолишмаган аслида. Хорижга пул илинжида кетишадию, бу ердаги оиласиниям унутиб ўша ерда қолиб кетаверадиганлари кўп. Пул ўлгур асли Тошкентдаям етарли, қорин тўйишга фақат, аммо қўшнидан яхшироқ машина, анави қариндошникидан зўр тўй қилиш ва халиги гапдаги палончи хотинни тиллосидан оғирроқ зеб керакда…ўзбекчилик… Одамлар нима дейди ахир тўғрими? Дўст душман бор. 

Умр увол дўст душман раъйига тобе ўтаётган… хаёт увол бошқалар гапига қарам  ўтаётган… Шукр унутилган, хотиржамлик бойликдан изланади…қалбдан эмас. Афсус!

Конкурс ва мусобақада кечади хаёт, яшаш учун курашди эмас!

 

Куни кеча таксида кетаётсам, фарзандларим билан мулоқотимга  кекса хайдовчи  ойнасидан қараб-қараб гап қотади:-“Ха хозир жуда ширин пайти. Хамма айтганини қиласиз, мехр берасиз…кейин эса…Кейин катта бўладию, эсламай хам қўйишаркан. Тўрт фарзандим бор, каттаси Тошкентга келиб ўқиб мансабга эришдию мана бизлардан хабар хам олмай қўйди. Онаси қўнғироқ қилса русча гапирадиган бўлган “А что мне от Вас? Зачем звоните?” деб алоқани узади. Алам қиларкан… Барибир бош боламда, мехримни олдини олган. Хамма болларим уйли жойли бўлганидан кейин онаси билан ўзимиз уйни сотиб шу Тошкентда болларимизга яқин бўлайлик деб келдик. Кичкинагина уй олдик, қолганига мана шу эскироқ бўлсаям тирикчиликка “матиз”   яраб турибди. Болага жудаям бир мехрни берворишам керемасаканда болам.”

 

Хайратландим.  Бошқа тарафдан биламан хозир ота-онасини оёғига чиппа ёпишган ва шу ота-онасидан ўзгани тан олмаётган гўдак рости хам  бора-бора ўсиб улғайиб аввалига қизиқишлари пайдо бўлиб улар унинг бир парча диққатини эгаллайди, кейин қони қайнаб мухаббат дегандек, уёғи организми истаган ва талаб қилган нарсалар…қарабсизки ота-онасидан ташқари хаммаси уни батамом эгаллайдигандек. 

Тарбияда нафақат қаттиққўллик балки атроф-мухит таъсири, илм ва мехр-оқибат дарслари хам мухим экан. Аммо уни сценарийси ўта нозик…

Туганмас мавзу.

 

Фильмга қайтсам. Бу фильмда мени энг таъсирлантиргани аслида бошқаси.

Эр-хотин  ўз фарзандини дунёга келтира олиш имкони бўла туриб бу имкониятдан воз кечиб дунёдаги энг қашшоқ ва касалманд бўлган болаларни асраб олиб уларга бахтли хаёт тақдим этишни афзал билади.

Бу шунчаки фильм эмас, юқорида айтганимдек реал воқеаларга асосланган фильм ва фильм сўнггида ўша хамма қахрамонларни реалини кўрсатади. Фильмда хаттоки кийимлари ва ундаги ёзувларигача бирга-бир қилишган.

 

Қаранг… ўз фарзанди бўлиши мумкинлигини била туриб нафақат аёл балки унга қўшилиб эри хам ундан кўра бахтли болаликдан айро болаларга яхши хаётни тақдим этишни афзал билишлик…буюк савоб эмасми?

Бутун умрлик ибодат гўё!

 

Ўзингни энг катта орзуингдан кечиш. Яхшилик учун бировни боласига хизмат қилишу уни умр бўйи сени қийнаганига ўз болангдек шукр қилиб чидаб яшамоқ.

 

Эри хам аёли хам бу синовлардан заррача ачинишмаганини кўрсангиз.

 

Яна таққослайман…. “Фахрли инсон” хайрия тарғибот лойихамизда турли оилавий воқеаларни гувохи бўламиз…Боласи оққон бўлгач ота воз кечиб кетганидан то қариндош уруғлари бой бўла туриб хеч бўлмаса қарзга дорига пул беришни истамайди. Чунки уларни еб-ичиш, шу арзимас пул учун ортиқча нимадир олиб кийиш ва хузурини хожатхона кўрар бўлган нарсаларга сарфлашни лозим топишади.

Ўзини тия олмаган бу кичик орзучаларни қарангу фильмдаги  эру хотинни буюк орзусидан тийилиб бировни болларини боқиб катта қилишдек хизматини қаранг…

 

Хулоса ўзингиздан…

Болани гўдаклигидан оқибат ва мехрга тарбияланг чунки катта бўлганидан кейин атрофда хамма гапирса хам бари бефойда бўлиши мумкин.

 

Осмонда бўлганни хам агар илдизи ер тагида бўлсагина у ерни хис эта олади.

Фундамент эса уй қурилишидан аввал қўйилади…кейин том бошига эмас!

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

You may also like

Кумирлар шарти!

  Озодбек, Райхон, Ботир, Алишер ва Самандар  Мухлис-шоу-2