Актриса ва профессор жанжали: Икки тараф интервьюси!

- in Yangiliklar
139
0

Инстаграм оламида актриса Шахзода Мухаммедованинг  Ўзбекистон Давлат консерваториясининг  эстрада йўналиши бўйича   профессори, бастакор,  бир неча таниқли хонандалар Севара Назархон ва Согдианаларни ўқитган устози, Кумуш Раззоқованинг ўчмас шлягерлари муаллифи Дилором Омонуллаева хақида билдирган фикри табиийки бир зумда катта шов-шув кўтарилишига сабаб бўлди.

 

Вазиятга аниқлик киритиш ва тарафларнинг фикрини олиб тақдим этишни лозим топтик. 

Актриса Шахзода Мухаммедова:

-Консерваторияга хонанда Вохиджон Исоқов ўзи хужжат топширгани борган экан, мен хам хужжат топширгани бориб уни учратиб қолдим. У хам Дилором Омонуллаевани олдига кирмоқчи экан, бирга кирдик. Кўпчилик талабалар турган экан. Очиғи, у аёл эртаклардаги салбий қахрамонларга ўхшар экан,  тавба. Ёшларга қилаётган муомаласидан хайратланасиз… Бу аёлни олдига устоз деб кирсак тескари  муомалага дучор бўлдик. Неча кунгача ўзимга кела олмаяпман уни муомаласидан. Биздан ташқари яна бошқа абитуриентларга қўпол муомаласидан хамма қўрқяпти. Титраб хатто бошини кўтаришга қўрқишяпти.  

Ректор олдига кирдик , ўта маданиятли ва мехрибон инсон бўлиб бизга керакли маслахатларни берди. Бу дилозор аёлга ректор олдига кирдик маслахатлашдик десак “Ну и что ректор?” деб менсимай гапиряпти ректорни.  

 

Sayyod: Ўзаро жанжаллашув  кенг оммага тақдим этилмаганида бошқа гап эди, сиз эса инстаграмга уни хақоротлаб ёзгансиз. Уни Ўзбекистонда эстрада бўйича  профессор эканини ва ёш тарафлама хам катта эканини унутиш керак эмасмиди. Кап-катта одам, қанча мадхия ва хитлар ёзган одам   қанча профессор. Нотўғри иш қилгансиз… Ўзингиз шуни қўйгансиз, керакмиди шу?

Шахзода Мухаммедова:- Кимдир гапириши керакку, нотўғри қилдимми у аёлни ёшларни хўрлаётганини очиқлаб? Қачонгача у ёшларни турткилаб қўпол муомала қилиши керак? Тўғри тушунтирса бўлардику Консерваторияга мусиқий билими борлар киради деб. Хонасини очиб хайдаб бақириб, қичқириб бўкириш нима бу? 
Абитуриентларга қараб “Сенлар Консерваторияга киришни орзу қиляпсизларми?” деб кулиб “Мен эса Америкага президент бўлишни  хохлайман, лекин Америка президенти бўлолмайман” деди.  

Дилором Омонуллаева кўксидан итариб , қўрс муомала қилаётган инсонлар кун келиб  хизмат кўрсатган  ва халқ артистлари бўлишар балки.  

Талабалардан   мен хақимда овозим борлиги ва ўқишга кирсам энг олд ўқувчилардан бўлишимни айтиб ёнимни олишганида  , “Қанақа иқтидор? Қаний?” деб шартта  пианинода баланд октавадан олиб жахл билан мусиқа чалиб ташлади. Кейин пианинони шартта ёпдида “Сендакалар бунақа ўқишда ўқимайди” деб нафақат менга балки бошқа ўқувчиларгаям шундай муомала қилди. Чиқиб бошқа эшик олдидагиларгаям шунақа бақирди, сиз кўрмадингиз билмадингиз, қўрқиб кетардингиз. Бир маротаба боғча болаларини ураётган видео қўйгандингиз бу аёл ўшандан хам бешбаттар! 
 Мен титраб кетиб йиғлаб юбордим. У чалган қўшиқни ёддан билардим аммо унинг муомаласи ва қўрслигидан қўрқиб кетиб , “духимни олиб қўйганига” овозим қалтираб хаттоки гапира олмас даражага келиб қолдим. 
Мени хайдаб чиқарди.  Коридорга чиқиб мени кўрсатиб талабаларга бақирди “Танийсанларми буни?” деб. Талабалар қўрққанидан бошини эгиб турибди. Танийман дея олмаяпти.

Қўрқяпсизларми? Танимайсизларми? Билмайсизларми? деганимдан кейин таниймиз дегандек бошини қимирлатиб тасдиқлашди. Кейин у хотин менга “Ну и что?” деб бақирди.

Албатта энди талабалар ва уларнинг оналарими мени тарафимни олишмайди, мантиқан фикрласа тушунарли хаммаси. Чунки ўша куни уни ёнида бўлган  хотин хам ўша ерда ишлайди.

Билсангиз, менга хозир “директдан”(инстаграмдаги шахсий хабарлар)  шахсий хабарлар жўнатишмоқда “Тўғри қилибсиз бизниям шунақа ёмон йиғлатган бу аёл” деб. Хонанда Зиёдани синглиси  “Мени хам йиғлатган , хафа бўлманг Шахзода опа бу шунақа одам ўзи” деб далда бўлди. 

Бу аёлни виждонсиз, халқ душмани дея атаса хам бўлади. Чунки ёшларни униб ўсишига, қобилиятини керак бўлса дунё сахналарида намойиш этиб Ўзбекистон байроғини кўкларга  кўтаришга шай бўлиб турган иқтидорларни оёғига болта урмоқда. Бу аёлни ёзган, басталаган қўшиқларига мухлис эдик, биргина чаён нигохи ва захарли тили билан ёшларни санъатга бўлган мехрини сўндирди. Бугунги кунда долзарб мавзу “Санъатдаги яъни шоу-бизнесда ўқимаган нопрофессионал бўлган машхур  юлдузлар босиб кетди” дейишни билишади.   Ия? Қаердан хам ўқисин бечора ёш санъаткорлар, эстрадамиз юлдузлари?  Олийгох эшигини тагида  гўёки  киши билмас қўлида  найза кўтарган  махлуқ турса.  Мана нега  шоу-бизнесни ўқимаганлар , профессионал бўлмаган , бизнесмен пулдорлар эгаллаяпти. Қаердан хам профессионал таълим олсин бечора санъаткорлар? Ўқишга киришни тақиқлаб, хўрлаб , йиғлатиб чиқариб юборганидан кейин. Қандай қилиб ўссин дейсиз шунақа инсонларни деб ўзбек санъати ва шоу-бизнеси! 
 Менимча Вестминстерда хам талабаларга бундай муомала қилишмаса керак. 

Мени холам юридик фанлари доктори, профессор Зумрад Инагамжанова. У кўплаб хуқуқшунос, адвокатлар ва хусусан отамга хам таълим берган аёл. Талабаларга бу тарзда  дўқ уриб мурожаат қилиб, менсимай турткилаганларини халигача кўрмаганман. Агарда Дилором Омонуллаева  адвокатлар билан  маслахатлашмоқчи бўлса мен уларнинг хаммасини устози бўлган холам билан маслахатлашаман. У аёл  хонасидан миллионлаб талабаларни йиғлатиб, турткилаб  чиқариб юборяпти. Олий даргохда таълим  берадиган инсонлар маданият улашувчи  шахслар бўлиши керак. 
Мени айбиммаску ота-онам хуқуқшуносликка ўқишга  шарт қўйган бўлса   ва лекин мана вақти  келиб Консерваторияда ўқишга қарор қилдим, уни нима хаққи бор ўқишга қабул қилмасликка?

Э, майли кирмайман ўша ўқишга, шундай кўнглим қолди… Ўқимайман, керакмас. 

 

Профессор  Дилором Омонуллаева:

Биринчидан мен имтихон олаётган пайтим хонага бир йигит билан бостириб  кириб келиб у йигит ўзини “Ўзбекнаво”данман деди, қайсидир бир бўлими бошлиғидир дебман,  шу учунам майли тез қўйиб юборарман деб гаплашувдим.  Оқибатда у қиз жудаям маданиятсиз экан. Аввало мен уни тинглаб кўрдим, овозингизни хам тинглай дедим  у эса “Мен машхур актрисаман, мени бутун Республика танийди, мен жудаям машхурман!” дейди. Халиги бирга келган йигит хам “Менам  машхурман  50та қўшиғим бор, 30таси клип бўлган ” деган гаплар. 
Тўғрисини айтсам мен буларни танимадим хам.  

Қўрс муомала улар тарфидан бўлди, “Ўзбекнаводанман” деб кириб келишидан то  ўзини катта тутишигача.  У иккинчи мутахассислик бўйича Консерваторияга ўқишга кирмоқчи лекин унинг мусиқадан умуман билими йўқ! Консерваторияга доир қонун мавжудлиги ва мусиқадан ўрта махсус маълумоти бўлмаганлар қабул қилинмайди деб тушунтирдим.  Гапга қулоқ солмай илтимос қила бошлади. Кейин мени хохламаяптганликда айблашни бошлашди, ахир бу нарсаларни  мен хал қилмайманку, бу аллақачон давлат тарафидан Консерватория очилаётган пайтиёқ  фақат мусиқадан ўрта махсус билими борлар қабул қилиниши кўрсатилган,  бу бутун дунёда Консерватория билан боғлиқ тартиб! Шу тарафлама хам Косерватория энг олий ўқув даргохи саналади. 
Бошқа ўқув юртлари билан таққослаш мумкинмас, умуман бошқа олийгох ва алохида махсус  ёндошувни талаб этадиган олийгох бу. “Успенский ” мактаблари бекорга очилмаганку. 12 йил мусиқа саводини олиб кейин Консерваторияга кирасиз. Нотани билмаган ва мусиқадан билими бўлмаган одам  Консерваторияда қандай ўқийди?

“Овоссилаку!” деди халиги йигит, тартибдан ташқари икки холат бўлганини тушунтирдим бу Сардор Рахимхон Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвони бўлган пайти Маданият вазири тавсиясига биноан олинган. У олинган пайти мен йўқ эдим, менсиз қабул қилинган.  Яна бир холат эса Каниза билан бўлган, у “Нихол” мукофоти совриндори бўлган ва бу мукофотни олган одам истаган олийгохга кириши мумкин экани Президентнинг бу мукофот билан боғлиқ қарорида кўрсатилган. 
Лекин Сардор Рахимхон негадир ўқишга келмади ва хаттоки тўловларни амалга оширмагани учун ярим йилда даргохни тарк этди.  
Каниза эса мунтазам равишда аввалига муқобил тарзда икки йил шуғулланди, шундан бир йилидаги тайёрлаш курсини тугатди. Шундан сўнггина уни биринчи курсга қабул қилдик. Яхши ўқиди ва битирди чунки ўз устида ишлаб шуғулланарди.

 

Хуллас Мухаммедовадан мусиқий билиминг борми деб сўрадим , йўқ дейди мутлақо бошқа сохага алоқадор олийгохни битирган экан. Яхши унда куйлаб бер, кимни қўшиғини куйлайсан десам Райхонни  қўшиғини   дейди. бу ерда Райхонни қўшиқлари кетмайди улар жуда енгил, биз бу ерда мураккаб қўшиқлар куйлаймиз, дунё миқёсидаги эстрададан, ўзимиздан Ботир Зокиров, Юлдуз Усмонова, ўзимнинг қўшиқларим яъни профессионал қўшиқлар. Ахир Консерваторияку! 
 Кейин Кумуш Раззоқовани “Ёмғир” қўшиғини тавсия этдим ва у куйлади. Очиғи уни умуман овози йўқ. Кичкинагина овозча холос. Анча шуғулланса хам ундан хонанда чиқмайди. 
Овозингиз йўқ экан десам халиги ёнидаги бола менга қўрслик қилди.  “Қўрқвоттиде сиздан” унақаде бунақаде…

Табиийки унинг бундай муомаласидан  “Сиз ўзи “Ўзбекнаво”да ким бўлиб ишлайсиз?” деб сўрасам , “Йўқ мен у ерда ишламайман, мен хонандаманку” дейди. Ана шундан кейин жахлим чиқди. 
Мен қизни тинглаб кўрдим, қўлимдан келган бор имконият тарафлама вақт ажратиб, мусиқани чалиб турдим, куйлаганини  тингладим ва маслахат хам бердим. Яъни  унга бошқа йўлини тушунтирдим, Консерватория қошида тайёрлаш курси борлиги ўша ерда ўқиса кейин қабул қилиш хақида мавзу хал қилинади дедим.

Яна нима қилишим керак эди у машхурга? Агар тингламаганимда ва маслахат бермаганимда мендан шикоят қилса арзирди. Имтихонга ёлғон айтиб бостириб кириб вақтимни олишди , яна ўзини катта тутиб уришиб хам норози бўларкан ва мен айбдорми?
Тушунтириб турибман,  Консерваторияга мусиқий маълумотсиз олинмайди деб балога қолдим. Шундан бошланди “Йўқ оласиз! Мени хамма танийди!”  деб,  у хозироқ шу Консерваторияга киришни истаётганди.  Лекин бошида муомаласи яхшийди кейин машхурлигини пеш қилиб оласан шу олийгохга деб мажбурлай бошладида. 

“Профессионал актрисамисиз? Қаерни битиргансиз?” десам бошқа олийгохни айтяпти. Унда боринг “Ўзбекистон Давлат  Санъат ва Маданият” институтига  топширинг, актерлик факультети бор десам, “Йўқ мени орзуим Консерватория!” дейди. 
У десам бу дейди, ишим эса жудаям кўп вақтим йўқ, қисқа гапираман. Одам кўп келган, эшик олдида одамлар турибди .
Бўлди, чиқинглар десам чиқишмади кейин мен хонадан чиқиб кетдим. Машхурлигини пеш қилганига ортимдан коридорга чиққач талабалардан сўрасам улар хам танимаймиз дейишди.   Шундан кейин жахли чиқиб кетиб “Сиз ким бўпсиз, ёшларни оёғига болта урасиз , Мен Президент билан учрашганман, Ислом Абдуғаниевич мени қўлимни ушлаган ” деб бақиряпти. Тавба, кабинетимда илк Президентимиз менга “Санъат арбоби” унвонини топшираётган сурати бор, бу эса қўлимдан ушлаган дейди. 
 Мен халиям индаганим йўқ, мени гувохларим бор, талабалар ва уларнинг ота-оналари туришганди. 
Бир аёл унга танбех берди “Эй қизим, ўқишни хохласанг муомалангни тўғирлагин, бу профессор, дунёга машхур бастакор, профессор билан хам шунақа гаплашасанми? Муомалангни тўғирлагин нега унга бақиряпсан!” деб уни уришиб берди.  

Бирдан бақириб истерика қилиб йиғлашга тушиб кетди. Кечирасизу, бу хунарларини кўриб ўзини тута олмас, эрка, бетарбия ва сал телбароқ қиз экан деган фикрда қолдим. Ўзимни бехузур хис қилиб хонамга кириб кетдим ва ўша ердаги аёллар уни “Тур бетдан кетгин!” деб хайдаб юборишди .
Кета туриб “Кўрасиз, мен хали халқ артисти бўламан, ана ўшанда ман сиз билан гаплашаман!” деб бақириб кетди. 
 У ўзи бу ерда бақириб истерика қилиб яна мени рухий касал деб хақоротлаяптими? 
Мен уни ижтимоий тармоқларда ёзган хақоротларини юристимга кўрсатай, судга бераман менда гувохлар бор у ўзини қандай тутганини кўришган.  

Ёшлар шу қадар бетарбия , қўрс бўлиб кетганми?
Битта савол бор, нимаси билан у машхур? Қандай бир ажойиб образ ярата олган? Кино сохаси профессионаллари унга юқори бахо қўйганми? Қайси ролига у нима мукофот олган? Нима каромат кўрсатиб қўйган? Нима хисса қўшди ва қайси бир нуфузли кинотақдимотларида тақдирланганки гапини  машхур актрисаман деб бошласа?
Аввал кино сохасида катта бир ютуққа эришиб халқаро тан олиниб мукофотлансинда кейин актрисаман деб бақирсин.

Қанчаси  ахмоқча қилиқ қилиб машхурликка эришяпти, машхур бўлса нима қилибди? Машхурлик билан ўлчанарканми? Хозир телевидениеда хамма нарса мумкин! Хаммасига рухсат бериляпти! Санъатни расвоси чиқиб кетди! Олдингидек профессионал санъат билан хаваскорона санъатни ажратиб қўйиш керак. Хар бирига ўзига хос махсус ёндошув шарт. Масалан Гулсанам Мамазоитова ва  Юлдуз Турдиевалар профессионал хонандалдар, улар Консерваторияни магистратурасини тугатишган. . . 

Мана бунақа актрисалар эса санъат ва маданиятдан таълим олмагани учунам келиб истаган одамни бошида ёнғоқ чақиб кетмоқда. Имтихонимни бузиб кетишди. Шунча одам турибди. Ўзини кўрсатиб кетгани қолди, хамма талабалар устидан кулди кетидан. 
У кетгач талабалар мени тинчлантириб “Асабийлашманг, ха  у қандайдир ролларни ижро қилади лекин у иқтидорли эмас, шунчаки пуллари бор, хамма ерга пул бериб чиқадиган қиз” деб тушунтиришди. 
Халиги бирга келган йигитниям танимайман ва танишниям истамайман, 30та клипим бор машхурман деб менга бақиряпти.

 

 

Sayyod: Сизни муомалангиз  билан боғлиқ яна шундай бир эътироз бўлганди. Амира (Аделя) Алибекова сизни қўрс деб , хаттоки хатти-харакатларингизни хам  кўрсатиб бериб шикоят қилганди.
 

Дилором Омонуллаева:- Аделя Консерваторияни тугатган, овози жуда яхши ва Консерваторияни хам жуда яхши тугаллади. Яхши ўқиганди. Консерваторияни тугатиб бироз вақт ўтгач “Нихол” мукофоти учун танловда иштирок этди. Мен ушбу танловда раис эдим. 
Республика миқёсида ўтаётган бу танловда чиқиб куйлаганида қўшиғи ёқмади ва негадир овози йўқ эди.  Жахлим чиқди албатта.  Бор чиқиб кет дедим,  чунки Консерваторияни тугатган ва овози зўр қиз бу танловда ўзини кўрсата олмади. Хозирда чиқаётган хамма мусиқий маълумоти йўқлар каби куйлади. Мен шунда унга танбех бердим.
Нима мени хаққим йўқми? Эстрада борасида мен биринчи рақамли мутахассис эканимни бемалол айта оламан! Эстрада бўйича   тасдиқланган ягона профессор бўлсам. Бошқа эстрада хонандалигида бирорта профессор йўқ бизда. Эстрада вокал мактабини таъсис этдим, бу вокал  мактабим бутун дунёда тан олинган, Консерваторияда менинг ижод махсулотларим асосида ўқишади.
Яна бир ўқувчим Жасур Мирсагатов, жудаям яхши кўраман иқтидорли хонанда аммо бир кўрсатувда хайъат аъзоси эдим унга 10 эмас 8 балл қўйдим, чунки танлаган қўшиғи  омадсиз эди.  Уни овози зўрлигини хаммасини эътироф этиб паст бахолаганим сабабини  тушунтирдим. Миллий қўшиқни куйлаб нолаларини чиқара олмади. Хаммасини тушунтирдим ва у хўп деди, бақириб  уришиб кетгани йўқку. Иккинчи қўшиқни эса аъло куйлади ва унга 10 балл қўйдим. 
Хамма нарсани ўз номи билан айтиш керак, афсуски бизни одамлар бунга ўрганишмаган! 

 

 

Sayyod: Сиз Консерваторияда ўзига хос монополия қилганингиз хақида ва фақат сизни ижод махсулотингизни куйлаш шарт экани хақида хам эътирозлардан хабаримиз бор…
 

Дилором Омонуллаева:-Нега энди? Айтдимку юқорида Ботир Зокиров қўшиқларини  куйлаймиз дедим. Профессионал ижодкорларни қўшиғини куйламизку. Талабалар ўзи шу қўшиқларни яхши кўришади. Баъзилар келиб Райхонни қўшиғини куйлайман дейди, унинг қўшиқлари жудаям осон, куйлайдиган жойи йўқ уни, атиги уч нотада, биз ундан нима дарс оламиз? Мени қўшиқларимни куйлаш шарт этилган дейилиши нотўғри! Биз Эльмарт  Салихов , Юлдуз Усмонова, Севара Назархонларни қийин қўшиқларини куйлаймиз. “Улуғимсан Ватаним” масалан. Бастакорлар  Дони Илёсов   ва Алишер Расулов ижодадан хам имтихонларда куйлашади. Гулсанам Мамазоитовани Ватан хақидаги “осмондан тушган эмас” сатрлари билан куйланадиган қийин қўшиқлар  куйланади. Агар қўшиқ мураккаб ва қизиқ қўшиқ бўлса бемалол, хечкимга тақиқи йўқ! “Сахар” гурухини “Ёмғир” қўшиғиданам тўрт овозда бўлса хам куйлашади, мархамат.  
Лекин мени қўшиқларим мураккаб бўлиб уларда куйлашни ўрганиш мумкин, тушуняпсизми. Дарсликка мухим.  Авжлари баланд ва гармониялари қизиқ. Талабаларни ўзи бу қўшиқларни яхши кўришади ва ўзлари куйлашни хохлайди, ўзларидан интервью олинг истасангиз. 
Хорижий қўшиқларни ўта мураккабидан, Рей Чарльз қийин асарлари русларни Алла Пугачева, Филипп Киркоров , Ани Лорак  дастурларидан хам куйланади.  

 

Биласизми бизда профессионал танқидни кўтара олишмайди. Бунга хечким тайёрмасдек. 
 Мен ўз мутахассислигим тарафидан очиқчасига танқид қиламан ва бунга хаққим бор. Бир маротаба Райхонни танқид қилгандим. У жуда чиройлик қиз, онасини жудаям хурмат қиламан, буюк актриса лекин  Райхонни вокал тарафлама овози йўқ деб хисоблайман. Оддий ва жуда катта бўлмаган овоз ва енгилгина қўшиқлар куйлайди деб танқид қилгандим.  Кейин Муниса Ризаевани танқид қилганман, ўзбек миллийликка хослиги йўқ дегандим. Лекин Мунисанинг овози ажойиб! Овози зўр, хаммаси зўр фақат дастурини ўзгартириш керак деганман. Унга кўпроқ менталитетга хос ва уни овозига мос профессионал қўшиқлар танланиши керакдек.   
Севара Назархон хам ўқувчим, этно джаз билан бутун дунёга танилди , афсуски репертуарни ўзгартириб йўналиши попсага ўтди. У этно джаз куйлашини истардим. Барибир уни тан оламан ўзимни ўқувчим, жуда иқтидорли. 
Мени олдимга кериб агар росмана танилган машхур Муниса Ризаева жанжал қилсаям тушунардим , бу ким бўлиб қолган ўзи Мухаммедова? (кулади). Муниса ўзимизда бўлмасаям лекин хорижда мусиқадан дарс олганидан хабарим бор. 
 Ман гапирмасам шуларни ким гапиради? Илтимос одамлардан бир сўровнома ўтказинг ташқи кўринишдан то репертуар, артистизм ва маданиятлиги борасида артистлар хақида нима дейишаркин? 
Бунақа жанжалларга хушим хам вақтим хам йўқ аслида, Консерваториядаги ишлардан ташқари хозир “Ёшлар иттифоқи” учун Азим Суюн билан мадхия ёзяпмиз.

Мен катта ишлар юзасидан режалар тузяпман, Ўзбек  санъати ривожланиши борасида мухим ва катта режаларим устида бандман, қандайдир арзимас жанжаллардан холи қўйишсин. 

 

 

Гувохлар хабаридан:

 

 

Тарафларнинг бири билан чиқиша олмаган ва шахсий адовати мавжуд бўлгани сабабли айрим манфаатдор сайтлар каби икки тарафни хам тингламай, воқеадан бехабар шунчаки бир ёқлама мақола қилмай икки тарафга хам сўз бердик.

Демакки хулоса ўзингиздан. 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

You may also like

Кумирлар шарти!

  Озодбек, Райхон, Ботир, Алишер ва Самандар  Мухлис-шоу-2